ЁМОН ДУОДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

ЁМОН ДУОДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

ЁМОН ДУОДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ثلاث دعوات مستجابات لا شك فيهن: ”دعوة المظلوم ودعوة المسافر ودعوة الوالد على ولده

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч (турли) дуо шубҳасиз ижобатдир: Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг фарзандига қилган дуоси”, дедилар”. (Термизий ривояти).

Шарҳ: Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабул қилинишида шубҳа бўлмаган уч турли дуони айтиб ўтдилар. Улардан бири мазлумнинг дуоси бўлиб, ундан мурод золимнинг ҳаққига қилган дуоибадидир. Чунки мазлумнинг дили шикаста. Шунинг учун унинг золимнинг ҳаққига қилган дуоси дилдан чиқади. Шунингдек, мусофир ҳам ўзининг юртида эмаслиги ва оиласидан олисда экани боис кўнгли синиқ, Аллоҳдан бошқадан умид қилмайди. Шунинг учун унинг ҳам дуоси ижобат қилинади.

Ижобат бўладиган дуолардан яна бири ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидир. Ота-она одатда фарзандининг ҳаққига ёмон дуо қила олмайди. Агар фарзанд уларга бардош қилиб бўлмайдиган даражада озор берса, шундагина ота-она унинг ҳаққига баддуо қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам унинг дуоси қалбидан чиқади.

Демак, ҳадисдаги дуодан баддуо ирода қилинган. Чунки қалби оғриган киши қалбини оғритган одамнинг ҳаққига яхши дуо қилмаслиги бунга далилдир.

Уламолар: “Мазкур ҳадисдан сабоқ шуки, фарзандлар имкон қадар ота-онасини кўнглини олсин, уларнинг яхши дуоларини олишга интилсин, дилларини синдирмасин. Чунки ота-она тарафидан қилинган дуо Аллоҳ таолонинг даргоҳига етиб боради”, дейишади. Бошқа ҳадисда ҳам Пайғамбар (алайҳиссалом) ота-онани фарзанд ҳаққига баддуо қилшдан қайтарганлар ва агар у дуо қабул қилинадиган соатда қилинган бўлса, у албатта қабул қилинишини, кейин ундан сақланишнинг имкони йўқлигини айтганлар. Шунинг учун ота-она фарзандининг ҳаққига баддуо қилишдан жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Имкон қадар ота-онанинг тилидан фарзандлари ҳаққига ёмон дуо чиқмаслиги керак.

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби