ТОЛИБИ ИЛМГА НАСИҲАТ

ТОЛИБИ ИЛМГА НАСИҲАТ

ТОЛИБИ ИЛМГА НАСИҲАТ

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва жанобимиз Муҳаммадга салавоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Ўз бандаларини яхши ишларда ҳимматли бўлишга ундаган: “Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз!” (Бақара сураси, 148-оят); “Бас, мусобақачилар мана шу (неъмат) йўлида мусобақа қилсинлар!” (Мутаффифун сураси, 26-оят).

Биринчи оятда хайрли ишларда ва иккинчисида неъмат йўлида мусобақалашишга рағбат уйғотилган. Ҳа, албатта, илм олиш хайрли ишларнинг яхшиси ҳамда неъматларнинг буюгидир.  Уламолар илм талабида ҳимматни олий қилиш кераклигини уқтирадилар. Зеро, ҳар бир ишда қай даражада ният ва ҳиммат қилсангиз, Аллоҳ таоло шунга қараб сизга интилганинигзни беради. Шунинг учун ҳеч қачон ният ва ҳимматингиз паст бўлмасин, аксинча, юксаклик ҳамроҳингиз бўлсин. Айниқса, илм талабидаги интилишларингиз олий бўлмас экан, унинг чўққиларини забт этишни хаёлингизга ҳам келтирманг.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз сўзлари билан умматларини ҳимматли бўлишга чақирганлар: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин яхши, кучсиз мўминдан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқдир. Ҳар бир ишда яхшилик бор. Манфаатлисига ҳиммат қил. Аллоҳдан ёрдам сўра! Ожизлик қилма!” (Муслим ривояти).

Мўмин учун илмдан кўра манфаатлироқ нарса йўқ. Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларини мағзини чақиб кўринг-а: “Манфаатлисига ҳиммат қил. Аллоҳдан ёрдам сўра! Ожизлик қилма!”, деяптилар. У зотнинг ушбу сўзлари олийҳимматликка ундаш ва кўп нарсаларни билишга тарғибдир. Ҳар бир яхши ишда инсонларнинг энг афзал муаллимига Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Уламолар ҳиммат сўзини турли хил лафзлар билан таърифлаганлар. Шулардан ахлоқи етук Муҳаммад Хазир Ҳусайн роҳимаҳуллоҳнинг таърифи бошқаларникидан яхшироқ. Унга кўра ҳиммат – бирор ишнинг энг олий чўққисигача бўлган масофани арзимас, деб билишдир.

Илм олиш Аллоҳ таолога иймон келтиришдан кейин талаб қилинадиган нарсаларнинг энг азизи, мақсадларнинг энг олийси ҳисобланади.

Айтишади-ку: “Чиройли қизга совчи қўйган йигит унга бериладиган қимматбаҳо маҳрни ўйламайди. Уни топиш йўлида ҳимматини олий қилиб, Буни арзимаган иш деб билади”. Шоир айтади:

Илм инжиқлигин енголсанг чунон

Зафар шодлигига эришарсанг не ғам.

Гўзал нозанин васлига етишмоқ учун

Сарфлашинг керакдир бору йўғинг ҳам.

Йўлидаги учраган  ўнқир-чўнқирлар

Ҳатто унинг чўққи довонлари ҳам

Ҳимматимни ҳечам чўктиролмаслар

Хор қилиб бошимни қилолмаслар хам

Ҳа, албатта, толиби илм олий мартабаларга етишиш йўлида бисотидаги қимматбаҳо нарсаларни ҳам илм йўлида сарфламоғи, дуч келган тўсиқларни ошиб ўтмоғи, довонларни забт этмоғи лозим. Негаки, у илм йўлида қанчалик ихлосли бўлиб, бор будини сарфласа Аллоҳ унга шу миқдорича, балки ундан ҳам кўп илм беради.

Абу Ҳилол Аскарий айтади: “Эй фарзанд, одамлар орасида донг таратишга, юқори мансабга интилишга, туну-кун тўкилмас обрў ортидан қувишга, олдин бўлмаган ҳайбатга, мол-давлатсиз бойликка, қурол-яроқсиз қудратга, дўст-биродарсиз олийликка, хизмат ҳақисиз ёрдамчига, мажбуриятларсиз ходимга эришишни истасангиз, илм олинг! Уни асл манбаларидан ўрганинг. Шунда унинг манфаатлари ғайриихтиёрий кела бошлайди, излаганларингизни энг софига йўлиқасиз. Оз миқдор кечалари бедор бўлиб эришган илмнинг лаззатини умр бўйи тотиб юрасиз, улуғворлик ҳаловатига етишасиз, вафот этсангиз ҳам номингиз ўлмайди”.

Айни ҳақиқат, илм ўрганган киши ҳам мол-дунё, обрў ва энг асосийси Аллоҳниг розилигига эришади. Аллоҳ барчамизни илм йўлида олий ҳиммат бўлишни насиб қилсин!

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби