ФАРЗАНДГА БЎЛГАН МЕҲР

ФАРЗАНДГА БЎЛГАН МЕҲР

ФАРЗАНДГА БЎЛГАН МЕҲР

يقول ابن أبي سويد سمعت عمر بن عبد العزيز يقول زعمت المرأة الصالحة خولة بنت حكيم قالت خرج رسول الله صلى الله عليه وسلم ذات يوم وهو محتضن أحد ابني ابنته وهو يقول إنكم لتبخلون وتجبنون وتجهلون وإنكم لمن ريحان الله

Ибн Абу Сувайд айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг мана бундай деганини эшитдим: “Бир солиҳа аёл Хавла бинт Ҳаким бундай деганини айтмоқда: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизининг икки ўғилидан бирини бағрларига босиб чиқиб, дедилар: “Албатта, сизлар бизни бахил, қўрқоқ ва жоҳил қилиб қўясизлар. Сизлар Аллоҳнинг райҳонидандирсиз”, дедилар”.

Шарҳ:

Фарзандга бўлган меҳр Аллоҳ таоло тарафидан инсоннинг фитратига жойлаштирилган. Ота-онанинг фарзандига нисбатан меҳри доимий қолиб, ҳеч ҳам сўнмайди. Аммо фарзанднинг ота-онасига бўлган меҳри эса, катта бўлгани сайин камаяди. Бу ҳам инсондаги Парвардигор яратган фитрат ҳамда Унинг оламдаги қонунияти, аслида. Инсоният ўзидан насл қолдириб, ҳаёт давом этиши ва ер юзининг обод бўлиши шу билан амалга ошади. Зеро, фарзанднинг ота-онага меҳри ўзгармай бир-хиллигича қолса, оилалар қурилмайди, насл қолдирилмайди, дунё хароб бўлиб, мақсад ҳосил бўлмайди.

Фарзанд оила қуриб, бола-чақали бўлгач, унинг ота-она тарфига моиллиги камайиб, алоҳида яшай бошлайди. Аммо ота-онада бундай эмас, балки уларнинг фарзандига бўлган муҳаббати доимийдир. Бироқ, бордию фарзанд узоқларга кетиб, маълум сабабларга кўра ота-онадан узилса, шунда уларнинг фарзандига бўлган муҳаббати бироз камайгандек кўринади. Лекин умумий эътбордан у доимо бирдек сақланиб туради.

Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сизлар бизни бахил, қўрқоқ ва жоҳил қилиб қўясизлар. Сизлар Аллоҳнинг райҳонидандирсиз”, дедилар. Яъни, киши фарзандли бўлгач бахиллик қилиб, пул йиғади. Қўлига бирон нарса тушса, эҳсон қилмасдан бола-чақасига олиб борай дейди. Бу эса фарзанд Аллоҳ учун яхши ишлар қилишдан тўсишининг далилидир. Улар Аллоҳ учун яхши ишлар қилсам, фарзандларимга ким қарайди, уларни ким боқади, деб ўйлашади. Шунингдек, бола-чақа инсонни дин илмини ўрганишга ҳам тўсқинлик қилади. Зеро Умар розияллоҳу анҳу: “Сардор бўлишдан илгари илм олинглар!” деганлар. Яъни, инсон турмуш қурса, оила сардори ҳисобланиб, ризқ топиш илинжида илм ўрганишга вақти қолмайди.

Нима бўлганда ҳам бола ширин, уни кўрганингизда фарзандингиз бўлмаса-да, беихтиёр меҳрингиз жўшиб кетади. “Ҳар кимники ўзига ой кўринар кўзига” деганларидек, инсон ўз фарзандини бошқаларникидан кўра кўпроқ яхши кўриб, меҳр беради. Бундай бўлмасдан иложи йўқ. Чунки бу фитратимизга ўрнаштирилган. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам невараларига: “Сизлар Аллоҳнинг райҳонларидирсиз”, дедилар.

Ҳамма ишда бўлгани каби, фарзандларни яхши кўриш масаласида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, у зотга эргашишимизга Аллоҳ куч-қувват беришини сўраймиз.

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби